«Ливерпуль» 19 ёшли вингер учун тахминан 100 миллион евро тўлашга тайёр
Англиянинг «Ливерпуль» клуби «RB Лейпциг» раҳбариятига ҳужумчи Ян Диоманд трансфери учун қарийб 100 миллион евро тўлашга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда The Athletic нашрининг таниқли журналисти Девид Орнштейн хабар тарқатди.
Манбанинг таъкидлашича, мерсисайдликлар 19 ёшли иқтидорли футболчи учун курашда яққол пешқадамлик қилмоқдалар. Бироқ, агар Германия клуби Диомандни сотишдан мутлоқ бош тортса, «Ливерпуль» бошқа вариантларни ҳам кўриб чиқишга мажбур бўлади. Футболчига Франциянинг «ПСЖ» клуби ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Якунланган мавсумда Диоманд «RB Лейпциг» таркибида барча турнирлар доирасида 36 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол ва 10 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2030-йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ёш вингернинг айни дамдаги трансфер баҳоси 90 миллион еврони ташкил этмоқда.