Лионел Месси Ҳиндистондаги ташриф чоғида бир учрашувдан 107 минг долларгача даромад олади
Аргентина миллий жамоаси ва «Интер Майами» ҳужумчиси Лионел Месси 2025 йил 13–15 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Ҳиндистон сафари давомида ҳар бир учрашувдан 107 минг долларгача ишлаб олади. Бу ҳақда NDTV Profit нашри хабар берди.
Жаҳон футболи юлдузи сафар давомида учта йирик шаҳар — Калкутта, Мумбай ва Деҳлига ташриф буюради. Месси билан учрашишни истовчилар учун турли тоифадаги махсус турпакетлар тақдим этилган. Пакет нархлари иштирокчилар сонига қараб белгиланади:
якка мухлис учун — 11 минг доллар,
тўрт кишилик оила учун — 28 минг доллар,
ўн кишидан иборат гуруҳ учун — 107 минг доллар.
Пакет таркибига Месси билан учрашув, бирга суратга тушиш, аргентиналик форварднинг имзоси қўйилган Аргентина миллий жамоаси футболкаси, шунингдек кечки овқат ҳамда Мессининг кўргазмали пеналти сериясини томоша қилиш имконияти киради.