Лионел Месси ўйиндаги ўзгаришлар ҳақида гапирди
Аргентина терма жамоаси ва «Интер Майами» ҳужумчиси Лионел Месси ўз ўйини ва ундаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди.
Inter Miami News Hub расмий сайти тарқатган хабарга кўра, аргентиналик футболчи шундай деган:
«Мен ким билан ҳужумда ўйнашимдан қатъи назар - Луис Суарес бўладими, ёки терма жамоадаги ёш йигитлар, масалан Хулиан Алварес ва Лаутаро Мартинес - мен доимо мослашишга ҳаракат қиламан. Ёшликдаги жисмоний имкониятларим энди йўқ, лекин жамоага ёрдам бериш учун бор кучимни бераман. Айрим жиҳатдан бу ҳатто яхши - мен янги фазилатлар касб этдим».
Аргентина терма жамоаси аъзоси ва «Интер Майами» футболчиси Мессига жорий йилда 38 ёш тўлади. У жорий мавсумда «Интер Майами» таркибида 10 ўйинда майдонга тушиб, 8 та гол ва 3 та голли узатма амалга оширди.