Лионел Месси Аргентина терма жамоасидаги голлари сонини 117 тага етказиб олди
Ҳужумчи Лионел Месси Аргентина миллий терма жамоаси сафидаги ўзининг 117-голини киритди. Ушбу воқеа Исландия терма жамоасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида (3:0) юз берди.
Учрашувнинг 71-дақиқасида Месси пеналтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. 38 ёшли ҳужумчи учун ушбу гол миллий жамоа либосидаги 199-ўйинда киритилган 117-гол сифатида қайд этилди.
Шу тариқа, Месси фаолияти давомидаги барча турнирларда урган голлари сонини 911 тага етказиб қўйди. Аргентиналик юлдуз голларининг 672 тасини «Барселона», 32 тасини «ПСЖ», 90 тасини «Интер Майами» ва 117 тасини Аргентина терма жамоаси сафида рақиблар дарвозасига жойлаган.
Эслатиб ўтамиз, Аргентина терма жамоаси бўлажак ЖЧ-2026 мусобақасида амалдаги чемпион сифатида иштирок этади. Албиселестлар гуруҳ босқичининг «Ж» квартетида Жазоир, Австрия ва Иордания терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришади. Исландия эса ушбу турнир йўлланмасини қўлга кирита олмаган.
Маълумот ўрнида, ЖЧ-2026 баҳслари 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади.