«Лион» «ПСЖ»нинг собиқ ҳимоячисига қизиқиш билдирмоқда
Ушбу трансфер ёзда амалга ошиши мумкинлиги айтилмоқда.
ФОТО: Getty Images
Лионнинг «Олимпик» клуби «РБ Лейпциг» ҳимоячиси Эл-Шадай Битшиабуга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Bild нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, «Лион» «Пари Сен-Жермен» тарбияланувчисини ўз сафига қўшиб олиш ниятида. Ўтган қишда футболчи «буқалар» раҳбариятидан уни бошқа клубга қўйиб юборишни сўраган эди, бироқ бу сўров рад этилган. Ёзда футболчида жамоани тарк этиш имконияти пайдо бўлади, чунки унга бир қатор клублар қизиқиш билдирмоқда.
Битшиабу 2023 йилдан буён, «ПСЖ»дан ўтганидан бери «РБ Лейпциг» шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Футболчи жорий мавсумда 11 та учрашувда майдонга тушди. Ҳимоячининг трансфер қиймати 15 миллион евроға баҳоланмоқда. Унинг клуб билан шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар амал қилади.
Насрулло Каримов
Журналист