Лига «Сурхон Арена» майсаси ҳолати бўйича ўрганиш ўтказади
Термиз шаҳрида жойлашган «Сурхон Арена» стадиони майсаси ҳамда унга туташ ҳудудда барпо этилган қўшимча майдон майсаси сифати яқин вақтгача республикадаги энг яхшиларидан бири эди. Афсуски, бугунги кунга келиб ҳар икки майдоннинг ҳолати ачинарли аҳволга тушиб қолган.
Шундан келиб чиқиб, «Сурхон» футбол клуби 30 июнь куни Лигага расмий хат йўллаб, яқин орада Суперлига ва Ўзбекистон кубоги доирасидаги ўз уй учрашувларини Термиз шаҳрида ўтказа олмаслигини маълум қилди. Бунга сабаб сифатида эса иқлимнинг кескин исиб кетгани кўрсатилган.
«Сурхон» клуби 6 май куни ҳам Лигага шунга ўхшаш мурожаат йўллаган бўлиб, унда «Сурхон Арена» майсаси кундан-кунга ёмонлашаётгани, шу сабабли Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи доирасидаги «Пахтакор»га қарши учрашувни «Пахтакор» стадионида ўтказиш масаласида амалий ёрдам сўралган эди. 18 май куни эса «Сурхон Арена» таъмирлаш ишлари учун ёпилаётгани маълум қилинган.
Мавжуд вазиятни ўрганиб чиққан Лига 9 июнь куни «Сурхон» клуби ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигига расмий мурожаат йўллаган. Унда Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичи учрашувини «Пахтакор» стадионида ўтказишга нима сабабдан рухсат берилгани, клуб бу борада сурхондарёлик футбол мухлислари олдида масъулиятни ҳис қилиши лозимлиги қайд этилган. Шунингдек, танаффусдан кейин — 23 июль куни «Динамо» клуби «Сурхон» меҳмони бўлиши, агар шу вақтга қадар «Сурхон Арена» майсасини талаб даражасига келтириш имкони бўлмаса, клуб ўз уй учрашувларини сурхондарёлик мухлислар учун нисбатан қулайроқ ҳудудда ўтказиши лозимлиги таъкидланган.
Маълумки, «Сурхон» клуби машғулотларни Тошкент шаҳрида ўтказади ва унинг маъмурий бошқаруви ҳам пойтахтдан амалга оширилади. Делегация фақат расмий учрашувлар учун Термизга ташриф буюради. Ўтган давр мобайнида клуб раҳбарияти стадионларни парваришлаш, расмий ўйинларга тайёргарлик кўриш ва бошқа масалаларда намуна кўрсатиб келган. Бироқ 2026 йилга келиб, клубдаги молиявий муаммолар фонида Суперлига учрашувларини қабул қила оладиган вилоятдаги ягона стадион, афсуски, деярли йўқотилди. Айни пайтда ушбу стадионда ҳатто Пролига учрашувларини ҳам ўтказиш имкони мавжуд эмас.
Мавжуд ҳолатни иқлим билан изоҳлаш эса Лигада шубҳа уйғотмоқда. Зеро, 2025 йил июнь ойи Ўзбекистонда кузатувлар бошланганидан буён энг иссиқ ва қуруқ беш ойликдан бири бўлганига қарамай, ўша вақтда клуб томонидан кўрсатилган етарли эътибор туфайли «Сурхон Арена» майсаси ўз сифатини йўқотмаган эди.
Мамлакатимизда Суперлига учрашувларини қабул қилиш имкониятига эга стадионлар сони маълум муддат давомида биттага камайиб бораётганини афсус билан маълум қиламиз. Лига сурхондарёлик футбол мухлислари узоқ вақт давомида Суперлига баҳраларидан маҳрум бўлганини, кейинчалик эса «Сурхон» клуби бош ҳомийси кўмагида нафақат клубдаги йирик муаммолар ҳал этилгани, балки «Сурхон Арена» ҳам қайта таъмирланганини эътироф этади. Шу билан бирга, Лига «Сурхон» клуби раҳбарияти ва Сурхондарё вилояти ҳокимлигини ўзаро ҳамкорликда вилоятга катта футболни имкони борича тезроқ қайтариш йўлида иш олиб боришга чақиради.