Либертадорес Кубоги доирасида ўйин икки мухлиснинг ўлимига сабаб бўлди
Либертадорес Кубоги доирасида ўтказилган “Коло-Коло” ва “Форталеза” ўртасидаги баҳс бошланишидан олдин икки мухлис вафот этди. Бу ҳақда маҳаллий прокуратура хабар бермоқда.
Манбага кўра, стадионга киришга уринган бир гуруҳ мухлислар ҳимоя тўсиқларини бузиб ташлашган. Қурбонлар эса уларнинг остида қолиб кетган.
Расмийларнинг таъкидлашича, мухлислардан бири воқеа жойида, иккинчиси эса яқин атрофдаги шифохонада вафот этган.
“КОНМЕБОЛ “Коло-Коло” ва “Форталеза” ўртасидаги ўйин бошланишидан олдин икки мухлиснинг ўлимидан чуқур қайғуда. Биз уларнинг оилалари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдирамиз”, - дейилади Жанубий Америка футбол федерацияси баёнотида.
Маълумот учун, “Коло-Коло” ва “Форталеза” ўртасидаги баҳс 70-дақиқада 0:0 ҳисобида тўхтатилди. Бунга жавобан эса мухлислар майдонга турли буюмлар улоқтиришиб, норозиликлар билдиришди.