Лиам Делап “Комо” қизиқишига қарамай АПЛда қолишни истамоқда
“Челси” ҳужумчиси Лиам Делап фаолиятини Англия Премьер-лигасида давом эттириш ниятида. 23 ёшли футболчига Италиянинг “Комо” клуби қизиқиш билдирмоқда, бироқ ҳужумчининг ўзи ҳозирча Англиядан кетишни истамаяпти. Бу ҳақда журналист Алекс Крук хабар берди.
Манбага кўра, “Челси” Делапни сотишга қарши эмас. Лондон клуби футболчи учун камида 47 миллион евролик таклиф тушган тақдирда унинг трансферига кўриб чиқишга тайёр.
Делап “Челси” сафига ўтган ёзда “Ипсвич”дан қўшилган эди. Бироқ у лондонликлар сафидаги илк мавсумида кутилган даражада сермаҳсул ўйин кўрсата олмади ва АПЛда 28 та учрашувда атиги битта гол ҳамда битта голли узатма қайд этди.
Маълумот учун, Transfermarkt портали Лиам Делапнинг бозор қийматини 28 миллион еврога баҳоламоқда. Ҳозирча “Комо” томонидан футболчи учун расмий таклиф юборилгани ҳақида маълумот йўқ.