Ли Кан Ин Эден Азарнинг мундиалдаги натижасини такрорлади
Жанубий Корея терма жамоаси яримҳимоячиси Ли Кан Ин ЖЧ-2026 «A» гуруҳи доирасидаги Чехияга қарши учрашувда (2:1) 5 та муваффақиятли алдов ҳаракатини амалга оширди ва рақибларини ўзига нисбатан 4 марта фол ишлатишга мажбур қилди. Шу тариқа, вингер Бельгия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Эден Азарнинг кўрсаткичини такрорлашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда OptaJoe хабар тарқатди.
Бельгиялик вингер бундай статистикага ЖЧ-2018 яримфинали доирасидаги Францияга қарши ўйинда (0:1) эришган эди. Эътиборлиси, Қатарда бўлиб ўтган сўнгги Жаҳон чемпионатида бирорта ҳам футболчи бир учрашувда бундай миқдордаги техник-тактик ҳаракатларни амалга ошира олмаган.
Ушбу ғалабадан сўнг Жанубий Корея 3 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. Чехия ҳисобига эса очко мавжуд эмас ва жамоа учинчи поғонани эгаллаган. Гуруҳда эса аввалроқ ЖАР устидан ғалаба қозонган (2:0) Мексика терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилмоқда. Амалдаги дунё чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади. 2022 йилги сайёра биринчилиги финалида Аргентина миллий жамоаси Франция билан тўқнаш келган эди. Ўшанда драматик кечган ўйиннинг асосий вақти 3:3 ҳисобида якунланган, бироқ пеналтилар сериясида аргентиналиклар рақибдан устун келган (4:2).