Лерой Сане “Галатасарой”даги ролидан норози
“Галатасарой” вингери Лерой Сане жамоада олаётган ўйин вақтидан норози. Daily Sabah маълумотига кўра, 30 ёшли германиялик футболчи бу борадаги норозилигини клуб раҳбариятига билдирган.
Сане Туркия чемпионатининг янги мавсумидаги дастлабки учрашувда асосий таркибда майдонга тушган. Кейинги икки баҳсда эса захирадан ўйинга қўшилиб, жами 41 дақиқа ҳаракат қилган. Мавсумнинг дастлабки уч ўйинида у гол ёки ассист қайд эта олмади.
Шунингдек, Рафаэл Леаунинг “Галатасарой”га келиши Саненинг хавотирини янада оширган. Португалиялик футболчининг трансфери ҳужум чизиғидаги рақобатни кучайтирган ва германиялик вингернинг асосий таркиб учун курашини мураккаблаштириши мумкин.
Маълумот учун, Сане “Галатасарой”га 2025-йил ёзида эркин агент сифатида қўшилган ва клуб билан уч йиллик шартнома имзолаган. Келишувга кўра, унинг йиллик кафолатланган маоши 9 миллион еврони ташкил этади.