Лемпард бошқарувидаги «Ковентри Сити» жамоаси АПЛга йўлланма олди
«Челси»нинг собиқ сардори ва мураббийи Френк Лемпард бошқарувидаги «Ковентри Сити» жамоаси «Блэкберн Роверс» билан дуранг ўйнади (1:1) ва чемпионат якунланишига уч тур қолганида Англия Премьер-лигасига йўлланмани қўлга киритди.
Ҳозирги вақтда «Ковентри» 43 та ўйин ўтказиб, 86 очко жамлаган ҳолда Чемпионшип турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда борётган «Ипсвич Таун» Лемпард жамоасидан 11 очко орқада қолмоқда, бироқ уларда захирада яна иккита ўйин мавжуд. АПЛга чиқиш ҳуқуқи учун плей-офф зонасида эса «Миллуолл» (73), «Саутгемптон» (72), «Мидлсбро» (72) ва «Ҳалл Сити» (68) жамоалари бор.
Френк Лемпард 2024 йилнинг ноябр ойидан буён «Ковентри Сити»ни бошқариб келмоқда. Унинг қўл остида жамоа жами 79 та учрашув ўтказиб, шуларнинг 43 тасида ғалаба қозонди ва 16 марта дуранг қайд этди.