“Лацио” Давид Алабани трансфер қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда
“Лацио” ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида Давид Алаба вариантини кўриб чиқмоқда. Il Messaggero маълумотига кўра, “Реал Мадрид” билан шартномаси якунланганидан сўнг эркин агентга айланган 34 ёшли австриялик футболчи Рим клуби эътиборига тушган.
“Лацио”га янги марказий ҳимоячи керак бўлишига Алессио Романьолининг “Ал-Садд”га трансфери сабаб бўлган. Клуб спорт директори Анжело Фабиани эркин агентлар бозорини кузатаётганини ва эҳтимолий янги футболчилар учун таркибда атайлаб бўш жой қолдирилганини тасдиқлаган.
Ҳозирча Алаба бўйича аниқ музокаралар бошланмаган. Унинг трансфери мураккаб вариант сифатида баҳоланмоқда, бунга футболчининг сўнгги мавсумларда тез-тез жароҳат олгани ҳам сабаб. “Лацио” ҳимоя учун Диогу Лейте номзодини ҳам кўриб чиқмоқда.
Маълумот учун, Алаба “Реал Мадрид”да беш мавсум фаолият олиб борди ва клуб билан икки марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқди. Бунгача у “Бавария” сафида 10 карра Германия чемпиони ҳамда икки карра Чемпионлар лигаси ғолиби бўлган.