Ламин Ямал «Олтин тўп»ни ютса, Мбаппедан тўрт баробар кўп маош олиши мумкин
«Барселона» қанот ҳужумчиси Ламин Ямал агар «Олтин тўп»ни қўлга киритса ва шартномасидаги бошқа бандлар бажарилса, Мадриднинг «Реал» клуби форварди Килиан Мбаппедан қарийб тўрт баробар кўп маош олиши мумкин. Бу ҳақда нуфузли L'Équipe нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, айни дамда каталонияликлар вингери ойига 1,33 миллион евро маош олади ва Ла Лигадаги энг кўп маош олувчи 5 нафар футболчи қаторига кирмайди. Ҳозирда Испания чемпионатининг энг бой футболчилари «Реал» аъзолари — Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниор бўлиб, уларнинг ойлик даромади 2,67 миллион еврони ташкил этади.
Бироқ, агар Ямал «Олтин тўп» соҳибига айланса, шунингдек, ўтказилган ўйинлар сони, урилган голлар ва жамоавий совринлар бўйича белгиланган марраларга эришса, унинг маоши 10 миллион еврога (ойлик ҳисобда) кўтарилиши мумкин. Бундай ҳолатда испаниялик иқтидор эгаси француз ва бразилиялик юлдузларни даромад борасида қарийб тўрт баробар ортда қолдиради.
Маълумот учун, Ламин Ямал жорий мавсумда «Барселона» сафида барча турнирлар доирасида 40 та ўйинда майдонга тушиб, 21 та гол урди ва 14 та голли узатмани амалга оширди.