Ламин Ямал: «Динни масхара қилиш — жоҳиллик ва ирқчилик белгилари»
«Барселона» ва Испания миллий жамоаси ҳужумчиси Ламин Ямал Мисрга қарши кечган ўртоқлик учрашувида (0:0) испаниялик мухлислар томонидан мусулмонларга қарши айтилган ҳайқириқларни кескин танқид қилди.
«Мен мусулмонман. Барселонадаги стадионда "Ким сакрамаса — ўша мусулмон" деган ҳайқириқлар янгради. Тушунаман, бу рақибга қаратилган эди ва шахсан менга қарши эмасди, бироқ мусулмон сифатида буни ҳурматсизлик ва мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблайман.
Ҳамма мухлислар ҳам бундай эмаслигини биламан, лекин шундай нарсаларни куйлаётганларга айтар гапим: стадионда динни масхара қилиш — бу ўзини жоҳил ва ирқчи сифатида кўрсатишдир. Футбол — бу одамларни кимлиги ва нималарга ишониши учун ҳақорат қилиш эмас, балки завқланиш ва қўллаб-қувватлаш демакдир. Шунга қарамай, бизни қўллаб-қувватлашга келганларга раҳмат. Жаҳон чемпионатида кўришгунча», — деб ёзди Ямал ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Ушбу учрашув Барселона шаҳридаги «Корнелья-Эл Прат» стадионида бўлиб ўтди. Ўйиннинг тахминан 20-дақиқасида мухлисларнинг бир қисми камситувчи ҳайқириқларни бошлаган ва айрим томошабинлар ушбу сўзларга мос равишда сакраб, ритмга тушишган.