La Liga. «Real Sosedad» «Барселона»нинг мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйди
Испания Ла Лигасининг 20-туридан ўрин олган учрашувда «Реал Соседад» ўз майдонида «Барселона»ни қабул қилди. Баҳс Сан-Себастьяндаги «Reale Arena» стадионида бўлиб ўтди. Учрашув мезбонларнинг 2:1 ҳисобигаги ғалабаси билан якунланди.
Ҳисоб 32-дақиқада «Реал Соседад» ҳужумчиси Микел Оярсабал томонидан очилди. 70-дақиқада «Барселона» сафида Маркус Решфорд мувозанатни тиклади, бироқ орадан бир дақиқа ўтиб, Гонсалу Гедеш каталонияликлар дарвозасига иккинчи голни уриб, мезбонларга ғалаба келтирди.
Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади. 88-дақиқада «Реал Соседад» футболчиси Карлос Солер қўпол ҳаракати учун қизил карточка билан жазоланди.
20 турдан сўнг «Барселона» 49 очко жамғариб, турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб қолмоқда. «Реал Соседад» эса 24 очко билан тўққизинчи ўринни эгаллаб турибди.
Кейинги турда «Барселона» 25 январь куни ўз майдонида «Овиедо»ни қабул қилади. «Реал Соседад» эса шу куни уй учрашувида «Сельта»га қарши майдонга тушади.
La Liga. 20-тур
«Реал Соседад» — «Барселона» 2:1
Голлар: Оярсабал (32), Гедеш (71) — Решфорд (70).