Ла Лига. «Реал Мадрид» 90+2-дақиқада урилган гол эвазига «Мальорка»га имкониятни бой берди
Испания Ла Лигасининг 30-туридан ўрин олган «Мальорка» ва Мадриднинг «Реал» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Пальмадаги «Мальорка Сон Моикс» стадионида бўлиб ўтган баҳсда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Учрашувдаги биринчи голни 41-дақиқада «Мальорка» яримҳимоячиси Ману Морланес киритди. Ўйин якунланиши арафасида, 88-дақиқада меҳмонлар ҳимоячиси Эдер Милитао ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бироқ, ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+2-дақиқада мезбонлар ҳужумчиси Ведат Мурики якуний ҳисобни ўрнатди — 2:1.
Ушбу мағлубиятдан сўнг, 30 та ўйин ўтказган «Реал» 69 очко билан турнир жадвалида ҳамон иккинчи ўринда бормоқда. «Мальорка» эса муҳим ғалаба эвазига хавфли ҳудудни тарк этиб, 31 очко билан 15-поғонага кўтарилиб олди.
Навбатдаги турда Альваро Арбелоа шогирдлари 10 апрель куни ўз майдонида «Жирона»ни қабул қилади. «Мальорка» эса 12 апрель куни сафарда «Райо Вальекано» меҳмони бўлади.