Ла Лига. «Реал» дербида «Атлетико»ни қийналиб мағлуб этди
Испания Ла Лигасининг 29-тури доирасида Мадриднинг икки гранди — «Реал» ҳамда «Атлетико» жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. «Сантьяго Бернабеу» стадионида кечган баҳсда мезбонлар 3:2 ҳисобига ғалаба қозонди.
Учрашувнинг 33-дақиқасида «Атлетико» ҳужумчиси Адемола Лукман ҳисобни очиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Танаввусдан сўнг, 52-дақиқада Винисиус Жуниор пенальтини аниқ амалга ошириб, мувозанатни тиклади. 55-дақиқада яримҳимоячи Федерико Вальверде «қироллик клуби»ни олдинга олиб чиққан бўлса, 67-дақиқада меҳмонлар ҳимоячиси Науэл Молина ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бироқ 72-дақиқада Винисиус Жуниор дублни расмийлаштириб, якуний 3:2 ҳисобини ўрнатди.
Қайд этиш жоизки, 77-дақиқада «Реал» вакили Федерико Вальверде рақиб оёғини босиб олгани учун қизил карточка билан жазоланди ва майдонни тарк этди.
Ушбу ғалабадан сўнг Алваро Арбелоа шогирдлари 69 очко билан турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Диего Симеоне бошқарувидаги «Атлетико» эса 57 очко билан тўртинчи поғонада бормоқда.
Навбатдаги турда «Реал» 4 апрел куни сафарда «Мальорка» меҳмони бўлади. «Атлетико» эса худди шу куни ўз майдонида «Барселона»га қарши муҳим баҳсда майдонга тушади.