La Liga ирқчиликка учраган Винисиусни қўллаб-қувватлади
Испания Ла Лигаси Испания Кубоги 1/8 финалида «Реал»нинг «Албасете»га 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган учрашуви вақтида мадридликлар вингери Винисиус Жуниорга қаратилган ирқчилик руҳидаги ҳақоратларни кескин қоралади.
«La Liga ҳар қандай ирқчиликка асосланган ҳақоратларни қатъий қоралайди. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам нафратга ўрин йўқ. Винисиус, La Liga сен билан. Футболимиз кучи — ирқчиликка қарши», — дейилади ташкилотнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий баёнотида.
Аввалроқ бразилиялик футболчи учрашуволди қизиш машқлари вақтида «Албасете» мухлислари томонидан ирқчилик руҳидаги ҳақоратларга учрагани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Жорий мавсумда Винисиус Жуниор барча мусобақалар доирасида «Реал» сафида 28 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 8 та голли узатмани амалга оширди.