La Liga. «Барселона» сафарда «Атлетико Мадрид» устидан муҳим ғалабага эришди
Испания чемпионатининг 30-тури доирасида турнир жадвали етакчиси «Барселона» Мадридда «Атлетико» меҳмони бўлди. Кескин курашлар ва кутилмаган воқеаларга бой ўтган учрашув меҳмонларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувнинг 39-дақиқасида мезбонлар ҳужумчиси Жулиано Симеоне ҳисобни очиб, мадридликларни олдинга олиб чиқди. Бироқ орадан кўп ўтмай, 42-дақиқада Маркус Решфорд мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда (45+7-дақиқа) «Атлетико» ярим ҳимоячиси Николас Гонсалес Ламин Ямалга нисбатан қўпол ҳаракати учун тўғридан-тўғри қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.
Иккинчи бўлим бошида ҳакам VAR тизимидан фойдаланган ҳолда «Барселона» ҳимоячиси Херар Мартиннинг четлатилишини бекор қилди. Такрорий лавҳалар футболчи рақиб оёғини босиб олишдан аввал тўпга ўйнаганини кўрсатди. Ўйин якуни арафасида, 87-дақиқада Роберт Левандовски ҳал қилувчи голни уриб, жамоасига уч очко келтирган натижани қайд этди.
Ушбу ғалабадан сўнг Ханс-Дитер Флик шогирдлари очколарини 76 тага етказиб, пешқадамликни мустаҳкамлашди. Диего Симеоне бошқарувидаги «Атлетико» эса 57 очко билан тўртинчи поғонада қолмоқда.
11-апрель куни бўлиб ўтадиган навбатдаги турда «Барселона» ўз майдонида «Эспаньол»ни қабул қилади, «Атлетико» эса сафарда «Севилья» меҳмони бўлади.