Ла Лига. «Атлетико» Серлотнинг дубли эвазига «Атлетик»дан устун келди
Испания Ла Лигасининг 32-туридан ўрин олган Мадриднинг «Атлетико» ҳамда Бильбаонинг «Атлетик» жамоалари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди. Голларга бой бўлган баҳсда мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалабани қўлга киритишди.
Ўйиннинг 23-дақиқасида меҳмонлар ҳимоячиси Айтор Поредес ҳисобни очди. 49-дақиқага келиб мадридликлар ҳужумчиси Антуан Гризманн мувозанатни тиклади. Орадан беш дақиқа ўтиб, Александр Серлот мезбонларни олдинга олиб чиқди, 90+3-дақиқада эса ҳужумчи дублни расмийлаштирди. Ўйиннинг сўнгги сонияларида (90+7-дақиқа) Горка Гурусета Бильбаонинг иккинчи голини уриб, якуний ҳисобни ўрнатди — 3:2.
Испания чемпионатининг 33 та ўйинидан сўнг (жадвал 32-тур якунларига асосланган) Мадриднинг «Атлетико» жамоаси 60 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида тўртинчи ўринни эгаллаб турибди. Бильбаонинг «Атлетик» жамоаси эса 41 очко билан тўққизинчи поғонадан жой олган.
Навбатдаги турда «Атлетико» сафарда «Валенсия» билан (2 май), «Атлетик» эса шу куни «Алавес» билан куч синашади.