Кюрасао футбол федерацияси президенти саратон сабаб истеъфога чиқди
Кюрасао футбол федерацияси президенти Гилберт Мартина саломатлиги билан боғлиқ муаммолар туфайли ўз лавозимини тарк этди. Федерация маълум қилишича, унга эрта босқичдаги простата саратони ташхиси қўйилган ва айнан шу сабабли у истеъфо беришга қарор қилган.
Мартина ижтимоий тармоқлардаги мурожаатида даволаниш ва саломатлигига тўлиқ эътибор қаратиши зарурлигини айтди ҳамда федерация ва футбол жамоатчилигига қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик билдирди.
Гилберт Мартина раҳбарлигида Кюрасао футболи тарихий ютуққа эришди. Кариб денгизидаги кичик давлат илк бор Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олди ва 2026-йилги мундиалда дебют қилди. Ушбу муваффақият мамлакат футболи тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ҳозирча федерация президенти лавозимини ким эгаллаши расман эълон қилинмаган. Федерация эса Мартина тезроқ соғайиб кетишини тилаб, унинг Кюрасао футболи ривожига қўшган ҳиссаси доимо юксак қадрланишини таъкидлади.