«Кристал Пэлас» Матетага муносиб ўринбосар топди
Лондонинг «Кристал Пэлас» клуби «Вулверхэмптон» ҳужумчиси ва Норвегия терма жамоаси аъзоси Ёрген Странн Ларсен трансферига жуда яқин турибди. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо маълум қилди.
«Бургутлар» 25 ёшли норвегиялик форвардни кўплаб Европа топ-клублари эътиборида бўлиб турган Жан-Филипп Матетага муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда.
Маълумотларга кўра, Ларсен яқин вақт ичида янги жамоаси учун тиббий кўрикдан ўтади. Трансфер қиймати бонуслар билан бирга 45 миллион фунт стерлингни (тахминан 52,2 миллион евро) ташкил этиши кутилмоқда — бу «Кристал Пэлас» учун рекорд даражадаги хариддир.
Ларсен жорий мавсумда барча турнирларда 26 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Шуни таъкидлаш керакки, у ушбу голларнинг аксарият қисмини Англия Кубоги ва Лига Кубоги баҳсларида киритган бўлса, АПЛ ўйинларида ҳозирча ўз даражасини тўлиқ кўрсатишга интилаётганини кўриш мумкин.