Криштиану Роналду профессионал фаолиятидаги 959-голини урди
Португалиялик юлдуз ҳозирда «Ан Наср» сафида тўп сурмоқда.
ФОТО: Getty Images
«Ан Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду профессионал футболчилик фаолиятидаги 959-голини нишонлади. Бу воқеа Саудия Арабистони Про-лигаси 2025/2026 йилги мавсумининг 15-тури доирасида «Ал Ҳилол»га қарши баҳсда содир бўлди.
Учрашув 3:1 ҳисобида мезбонлар — «Ал Ҳилол» фойдасига якунланди. Роналду ўйиннинг 42-дақиқасида ҳисобни очган бўлса-да, бу гол «Ан Наср»га очко олиб келмади.
14 та учрашувдан сўнг «Ал Ҳилол» 38 очко билан турнир жадвалида етакчилик қилмоқда. «Ан Наср» эса 31 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.
Жорий мавсумда Криштиану Роналду барча турнирларда 18 та ўйинда майдонга тушиб, 16 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди.
Насрулло Каримов
Журналист