Коутиньо фаолиятини MLSда давом эттириши мумкин — манба
АҚШнинг «Лос-Анжелес Гэлакси» клуби «Ливерпуль» ва «Барселона» жамоаларининг собиқ яримҳимоячиси Филиппе Коутиньога жиддий қизиқиш билдираётгани маълум қилинди. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, MLS вакили мухлислар томонидан бўлган босим сабабли «Васко да Гама» билан шартномасини бекор қилган бразилиялик футболчини ўз сафига қўшиб олишга тайёр. Клуб раҳбарияти Коутиньони тиззасидаги оғир жароҳат (олдинги хочсимон бойламлар узилиши) сабаб сафдан чиққан испаниялик Рики Пучнинг ўрнига муносиб номзод сифатида кўрмоқда.
Коутиньо 2024 йилда «Астон Вилла»ни тарк этиб, ўз ватани Бразилияга қайтган эди. Эслатиб ўтамиз, унинг 2018 йилда «Ливерпуль»дан «Барселона»га 145 миллион евро эвазига ўтиши ҳамон футбол тарихидаги учинчи энг қиммат трансфер бўлиб турибди.