“Коринтианс” Мемфис Депайни жамоада сақлаб қолишга ҳаракат қилинмоқда
Нидерландиялик ҳужумчи клубнинг молиявий юкини камайтириш мақсадида айрим тўлов шартлари бўйича муросага боришга тайёрлигини билдирган.
Фото: Getty Images
Бразилиянинг “Коринтианс” клуби ҳужумчи Мемфис Депай билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида. Бироқ янги шартноманинг молиявий шартлари клуб учун асосий муаммога айланган. Бу ҳақда Globo нашрига таянилган ҳолда Euro-Football хабар берди.
Манбага кўра, Депай билан янги келишувнинг умумий қиймати аввалги қарздорликларни ҳам ҳисобга олганда қарийб 25 миллион еврони ташкил этади. “Коринтианс” раҳбарияти ушбу суммани тахминан 5 миллион еврога камайтиришни истамоқда.
Клуб президенти Осмар Стабиле музокараларни давом эттиришдан олдин “Коринтианс” кенгашининг якуний хулосасини кутмоқда. Аввалроқ клуб Депайга юборган таклифини қайтариб олган эди, бироқ орадан бир неча кун ўтиб томонлар музокараларни яна тиклади.
Маълумот учун, Мемфис Депайнинг ўзи ҳам “Коринтианс”да қолишни истамоқда. Нидерландиялик ҳужумчи клубнинг молиявий юкини камайтириш мақсадида айрим тўлов шартлари бўйича муросага боришга тайёрлигини билдирган.
Насрулло Каримов
Журналист