Контейнердан савдо маркази томигача: дунёдаги энг ноодатий стадионлар
Футбол стадионлари одатда ўйинлар ўтказиладиган спорт иншооти сифатида тасаввур қилинади. Бироқ дунёнинг айрим нуқталарида ареналар ўзининг жойлашуви, меъморий ечими ва қурилиш услуби билан футболнинг ўзидан кам эътибор тортмайди. Баъзи стадионлар тоғлар орасида, бошқалари савдо маркази томида ёки ҳатто сув устида барпо этилган.

Бунинг энг қизиқарли мисолларидан бири — Қатар-2022 жаҳон чемпионати учун қурилган «Стадиум 974». Арена 974 та юк контейнерлари ва модулли конструкциялардан ташкил топган. Стадион номидаги 974 рақами Қатарнинг халқаро телефон коди билан ҳамоҳанг. Энг муҳими, бу Жаҳон чемпионатлари тарихида тўлиқ демонтаж қилиш имконияти кўзда тутилган илк стадионлардан бири бўлди.

Сербиянинг Белград шаҳридаги «Стадион Вождовац» эса мутлақо бошқа ёндашув билан қурилган. Арена савдо марказининг томида жойлашган бўлиб, қарийб 5 минг томошабинга мўлжалланган. Яъни мухлис биноданинг пастки қаватларида харид қилиши, бир неча дақиқадан сўнг эса унинг томида футбол учрашувини томоша қилиши мумкин.

Португалиядаги «Эштадиу Мунисипал де Брага» ҳам ноодатий архитектураси билан ажралиб туради. Евро-2004 учун қурилган арена эски гранит карьери ичига жойлаштирилган. Стадионнинг икки ён томонида трибуналар мавжуд, дарвоза ортидаги қисмлардан бирида эса улкан қоялар сақлаб қолинган. Шу сабаб арена ўзига хос кўриниши билан дунёдаги энг ноодатий стадионлардан бири ҳисобланади.

Айрим стадионларнинг ўзига хослиги эса архитектура эмас, географик жойлашув билан боғлиқ. Боливиянинг Ла-Пас шаҳридаги «Эстадио Эрнандо Силес» денгиз сатҳидан қарийб 3600 метр баландликда жойлашган. Перудаги «Эстадио Даниэль Альсидес Каррион» эса бундан ҳам юқорида — 4 минг метрдан ортиқ баландликда барпо этилган. Бундай шароит меҳмон жамоалар учун сийрак ҳаво ва кислород етишмаслиги сабаб алоҳида синовга айланади.

Хорватиянинг Трогир шаҳрида эса футбол майдони тарихий меъморий обидалар орасида жойлашган. Замонавий футбол майдонининг қадимий шаҳар муҳити билан уйғунлашуви бу жойни нафақат спорт объекти, балки сайёҳлар учун ҳам эътиборга молик масканга айлантирган.
Сингапурдаги «The Float @ Marina Bay» эса янада ноодатий ечим ҳисобланади. Футбол майдони тўғридан-тўғри сув устидаги платформага жойлаштирилган бўлиб, майдон чегарасидан ташқарида дарҳол қўлтиқ бошланади. Шу жиҳати уни дунёдаги энг ноодатий футбол майдонларидан бирига айлантирган.
Бу ареналарни бирлаштириб турадиган жиҳат шундаки, уларнинг ноодатийлиги шунчаки дизайн учун яратилмаган. Айрим ҳолларда бунга ер танқислиги, бошқасида табиий ландшафт, экологик талаблар ёки мавжуд ҳудуддан унумли фойдаланиш зарурати сабаб бўлган. Натижада футбол стадиони оддий спорт иншоотидан чиқиб, меъморий тажриба, шаҳар рамзи ва муҳандислик ечимига айланган.