Конор Бредли жароҳати сабаб мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади — Sky Sports
«Ливерпуль» клуби ўзининг расмий сайти орқали ўнг қанот ҳимоячиси Конор Бредлининг жиддий жароҳат олгани ҳақида маълум қилди.
«Ўнг қанот ҳимоячиси пайшанба куни кечқурун бўлиб ўтган Премьер-лига доирасидаги «Арсенал»га қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида жароҳат олди. Яқин кунларда Бредли жарроҳлик амалиётини бошдан кечиради, шундан сўнг у машғулот базасида реабилитация жараёнини бошлайди. Ҳозирча унинг майдонга қачон қайтиши борасида аниқ маълумот йўқ», — дейилади клуб баёнотида.
Sky Sports хабарига кўра, 22 ёшли футболчи жорий мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади.
Жорий мавсумда Конор Бредли барча мусобақаларда 21 та учрашувда майдонга тушиб, 2 та голли узатма муаллифига айланган. Футболчининг «Ливерпуль» билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Бредлининг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил этади.