Конго терма жамоаси дебютидан 52 йил ўтиб, Жаҳон чемпионатларидаги илк голини урди
Конго миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатларидаги ўзининг илк голини мусобақадаги дебютидан роппа-роса 52 йил ўтиб киритишга муваффақ бўлди. ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидан ўрин олган Португалияга қарши учрашувнинг биринчи бўлимига қўшиб берилган бешинчи дақиқада (45+5) ҳужумчи Йоан Висса боши билан рақиб дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни тенглаштирди.
Маълумот учун, ДР Конго терма жамоаси илк бор 1974-йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этган эди. Ўшанда жамоа Югославия, Бразилия ва Шотландия билан бир гуруҳдан жой олиб, барча учта ўйинда умумий 0:14 ҳисобида мағлуб бўлган ва гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган. Таъкидлаш жоизки, 1971-йилдан 1997-йилгача ушбу мамлакат Заир деб номланган ва ўша даврдаги турнирларда Заир терма жамоаси сифатида қатнашган.
Жаҳон чемпионатлари тарихида дебют ўйиндан биринчи голгача бўлган вақт бўйича фақатгина Боливия терма жамоаси ДР Конгодан кўпроқ муддат қайд этган. Боливия илк бор 1930-йилги ЖЧда қатнашган бўлса-да, мусобақадаги дастлабки голини орадан 64 йил ўтиб, яъни 1994-йилга келибгина киритишга муваффақ бўлган эди.