«Комо» Гонсало Гарсияга қизиқиш билдирмоқда
Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Гонсало Гарсия фаолиятини «Комо»да давом эттириши мумкин. Италия клуби 22 ёшли ҳужумчининг хизматларига қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport хабар бермоқда.
Манбага кўра, «Комо» Гарсияни ярим ҳимоячи Нико Пас сингари, яъни «қаймоқранглилар» уни арзон нархда қайтариб сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладиган тарзда сотиб олиши мумкин. Шунингдек, ҳужумчи унинг самарадорлигига боғлиқ сотиб олиш опцияси билан Италия клуби томонидан ижарага олиниши ҳам мумкин.
Ўтган мавсумда Гарсия барча мусобақаларда 39 та ўйинда иштирок этиб, 8 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилди. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2030 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt порталида тақдим этилган маълумотларга кўра, футболчининг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил қилади.