Коди Гакпонинг оиласида оғир жудоликка учради
“Ливерпуль” ва Нидерландия терма жамоаси ҳужумчиси Коди Гакпонинг севгилиси Ноа ван дер Бей оиласида юз берган оғир йўқотиш ҳақида маълум қилди.
У ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ҳомиладорлик вақтида фарзандини йўқотганини билдирди. Ноа ван дер Бей ушбу хабарни чуқур қайғу билан эълон қилиб, яқинлари ва мухлисларга қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Унинг маълум қилишича, фарзандга Элайжа Рафаэл Гакпо деб исм қўйилган. Ноа ўз хабарда фарзанди доимо уларнинг қалбида қолишини таъкидлаган.
Шунингдек, у воқеадан сўнг оиласи билан черковга бориб, шам ёққанини айтган. Кейин улар ўғли Самуэл билан черков майдонига чиққан. У ерда учратган боланинг исми ҳам Элайжа бўлгани оилага рамзий тасалли берган.
Мазкур хабар футбол жамоатчилиги ва мухлислар орасида ҳамдардлик билан кутиб олинди. Кўплаб фойдаланувчилар Коди Гакпо ва унинг оиласига сабр тилаб, уларга қўллаб-қувватлов билдирмоқда.