Кобби Майну «МЮ»да қолади — Романо
«Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Кобби Майну матбуотда унинг клубни тарк этиш истаги борлиги ҳақидаги хабарларга қарамай, манкуниянликлар сафида фаолиятини давом эттиради. Футболчига жамоа бош мураббийи Майкл Керрик таъсир ўтказган. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо хабар берди.
Инсайдер маълумотларига кўра, инглиз футболчиси ижара асосида бошқа жамоага ўтиш вариантни кўриб чиққан, бироқ «МЮ»нинг янги бош мураббийи томонидан билдирилган ишончдан сўнг қарорини ўзгартирган. Майну жорий мавсумда илк бор АПЛ учрашувида асосий таркибда майдонга тушди. Бу Керрик учун ҳам мураббий сифатидаги дебют ўйин бўлиб, унда «қизил иблислар» «Манчестер Сити»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этишди.
Умуман олганда, жорий мавсумда Кобби Майну барча мусобақаларда «Манчестер Юнайтед» сафида 15 та учрашувда иштирок этиб, битта голли узатма амалга оширган. АПЛда 22 турдан сўнг «қизил иблислар» 35 очко жамғариб, турнир жадвалида бешинчи ўринни эгаллаб турибди.