Клублардан дараклар | «Самарқанд» ПФК чемпионликни кўзламоқда
Клублардан дараклар | «Самарқанд» ПФК чемпионликни кўзламоқда.
Бугун Самарқанд шаҳрида «Самарқанд» ПФК футзал клубининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Унда Самарқанд шаҳар ҳокими, клуб президенти Фазлиддин Каримович Умаров, «Meros Pharm» МЧЖ асосчиси Насимжон Қобилжонович Комилов ҳамда клуб бош директори Нодиржон Исроилович Мардонов иштирок этди.
Тадбирда Самарқанд азалдан мамлакат футзалининг муҳим марказларидан бири экани, ушбу заминдан кўплаб чемпионлар етишиб чиққани ва самарқандлик футзалчилар мунтазам равишда терма жамоаларга жалб этиб келинаётгани таъкидланди.
Йиғилишда «Самарқанд» ПФК «Meros Pharm» МЧЖ билан бош ҳомийлик борасида келишувга эришилганлиги маълум қилинди.
«Meros Pharm» МЧЖ раҳбари Насимжон Комилов ҳомийлик доирасида жамоа мавсум якунида Олий лигада чемпионликни қўлга киритса, клубнинг барча аъзолари «Damas» автомобиллари билан тақдирланишини эълон қилди.
Ушбу хушхабар жамоа аъзолари томонидан катта олқишлар билан кутиб олинди. Футзалчилар эса билдирилаётган ишончни оқлаш ва юқори натижаларга эришиш учун бор кучларини сафарбар этишларини билдиришди.
Тақдимот маросимидан сўнг «Самарқанд» ПФК Ўзбекистон XXX миллий чемпионати — Олий лиганинг 2-тур учрашувларида иштирок этиш учун Жиззах шаҳрига йўл олди.
«Самарқанд» ПФК ҳамда “Meros Pharm”нинг янги мавсумдаги ҳамкорлиги омадли ва хайрли бўлишини тилаймиз!