Клублардан дараклар | «Нурафшон» янги мавсумга тайёргарликни бошлади
Мамлакатимизнинг номдор жамоаларидан бири, бой тарихга эга бўлган Бухоро вилоятининг "Нурафшон" профессионал футзал клуби таътилдан қайтиб, янги мавсум олди машғулотларини бошлаб юборди.
Фурқат Хайруллаев бошчилигидаги жамоа аъзолари Қогон шаҳридаги клуб қароргоҳида жойлашган очиқ футбол майдонида илк машғулотларини ўтказишди. Ҳозирча мураббийлар штаби асосий эътиборни футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклаш ва функционал тайёргарлигини оширишга қаратмоқда. Жамоа аъзолари тез орада спорт залига кириши ҳамда бевосита чемпионат ўйинларига тайёргарликни бошлаши кутилмоқда.
Ўтган мавсум билан таққослаганда, жамоа таркибида қатор ўзгаришлар юз берди. Хусусан, тожикистонлик
легионерлар клубни тарк этди. Шунингдек, мухлислар меҳрини қозонган бразилиялик Леандро ҳам "Нурафшон" билан ўзаро дўстона хайрлашди.
Шу билан бирга, таркибни кучайтириш ишлари ҳам давом этмоқда. Айни пайтда Термизнинг "Сурхон" жамоасида тўп сурган Асадбек Фозилов ҳамда "Насаф" ва "Нефтчи" сафида фаолият олиб борган Мамашариф Ҳалимов машғулотларда иштирок этмоқда. Бундан ташқари, собиқ темирйўлчилар ҳужумчиси Бурҳониддин Содиқовнинг ҳам жамоа машғулотларига қўшилиши кутилмоқда.
Биздаги маълумотларга кўра, "Нурафшон" мураббийлар штаби футзал бўйича Осиёнинг етакчи давлатларидан бири ҳисобланган Эрон Ислом Республикасидан тўрт нафар маҳоратли футзалчини жалб этиш устида иш олиб бормоқда. Ҳозирда улар билан музокаралар якуний босқичга еткaн.
Бухороликлар янги мавсумда ҳам олдиларига юқори мақсадларни қўйишган. Жамоа 2026/2027-йилги
мавсумда чемпионат совриндорлари сафидан жой олишни, шунингдек, Ўзбекистон Кубоги мусобақасида бош соврин учун асосий даъвогарлардан бири бўлишни мақсад қилган.