Клублардан дараклар | «Хоразм» назорат учрашувида «Лочин»ни мағлуб этди
Клублардан дараклар | «Хоразм» назорат учрашувида «Лочин»ни мағлуб этди
ХХХ миллий чемпионатга тайёргарлик кўраётган Олий лига жамоалари янги мавсум олдидан ўйин амалиётига алоҳида эътибор қаратмоқда.
Тошкентдаги «Юнусобод» спорт мажмуасида Олий лига дебютанти «Хоразм» янги ташкил этилган «Лочин» жамоасига қарши назорат учрашувида майдонга тушди. Баҳсда урганчликлар ишончли ғалабага эришди – 3:0.
«Хоразм» сафида голларга Соарес Ҳенриқуе (2 та) ва Бобир Раззоқберганов муаллифлик қилди.
Мазкур учрашув «Хоразм» учун мавсумолди тайёргарлик доирасидаги тўртинчи назорат баҳси бўлди. Аҳад Юсупов шогирдлари эса илк бор назорат учрашувида ўз кучларини синовдан ўтказди.
Учрашув давомида «Хоразм»нинг ўйин амалиёти ва жамоавий ҳаракатлари анча шаклланганлиги кўзга ташланди. «Лочин» таркибида эса янги футзалчилар кўрикдан ўтказилмоқда.
Шунингдек, наманганликлар сафига Эрон Ислом Республикасидан бир қатор легионер футзалчилар келиб қўшилган. Улар синовдан муваффақиятли ўтган тақдирда, клуб билан шартнома имзолаши кутилмоқда.
Жамоалар учун янги мавсум олдидан бундай назорат учрашувлари таркибни шакллантириш ва оптимал ўйин услубини топишда муҳим аҳамият касб этади.