Клублардан дараклар | BMB PFC янги мавсумга тайёргарликни бошлади
Мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони ва Ўзбекистон кубоги соҳиби – Жиззахнинг BMB PFC жамоаси 5-август санасидан Тошкентда 2026/2027-йилги мавсум олдидан ўқув-машғулот йиғинига расман киришди.
Машғулотлар мураббийлар штаби томонидан ишлаб чиқилган режа асосида олиб борилиб, тайёргарлик жараёнида футзалчиларнинг жисмоний, техник ва тактик кўрсаткичларини босқичма-босқич оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, жамоа сафига янги қўшилган футзалчиларнинг ўйин тизимига мослашуви, таркибдаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда жамоавий уйғунликни шакллантириш тайёргарликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу ўрнида жамоа таркибидаги ўзгаришларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, клуб ўтган йилги ўзагини сақлаб қолди. Шу билан бирга бир қатор ўйинчилар билан хайрлашди. Улар Музаффар Ахаджонов, Hebbert Oliveira de Xesus Souza – Bolt, Joao Florensio, Давлат Ибрагимов, Даврон Чориевлардир. Ўз навбатида жамоага янги, ёш футзалчилар таклиф этилди. Жумладан, “Насаф” жамоасидан Асилбек Вафоев, Дониёрбек Аманбаев, “Олмалиқ”дан Шахрам Фахриддинов, ёш иқтидорли дарвозабонлар – Шохжахон Замирхонов, Шаҳзод Абдураҳмонов, Самарқанд футзали тарбияланувчиси Жамолиддин Сатторов BMB PFC машғулотларида иштирок этмоқда.
Тўрт карра Ўзбекистон чемпиони, тўрт карра мамлакат кубоги соҳиби – BMB PFC янги мавсумда ҳам ўз олдига энг юксак вазифаларни қўйган. Жамоа янги мавсум ҳисобидан илк расмий учрашувини 2-сентябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Суперкубоги доирасида Тошкентнинг SQB жамоасига қарши ўтказади.