Клублар ўртасидаги ЖЧ-2029 ўтказилиши хавф остида
Мусобақага мезбонлик қиладиган мамлакат ҳам ҳозирча аниқланмаган.
ФОТО: Getty images
2029 йилда ўтказилиши режалаштирилган клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Daily Express нашри хабар тарқатди.
Манба маълумотига кўра, мусобақа тақдири ҳозирча ноаниқ бўлиб турибди. Бунга ФИФАнинг Европанинг етакчи клублари билан турнирда иштирок этиш бўйича ҳалигача келишувга эриша олмагани сабаб бўлган.
Қайд этилишича, мусобақага мезбонлик қиладиган мамлакат ҳам ҳозирча аниқланмаган. Турнирни қабул қилиш истагини Австралия, Янги Зеландия, Бразилия, Германия, Мексика ва Англия билдирган. Бироқ асосий даъвогарлар сифатида Қатар ҳамда АҚШ кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, клублар ўртасидаги сўнгги жаҳон чемпионати 2025 йил 14 июндан 13 июлга қадар АҚШда бўлиб ўтган ва унда 32 та жамоа иштирок этган.
Розикжон Султонмуродов
Журналист