Клоппнинг агенти: «Миш-мишларга асосланган саволларга жавоб беришнинг ҳожати йўқ»
Германиялик таниқли мураббий Юрген Клоппнинг агенти Марк Косике мижозининг Мадриднинг «Реал» клубига бош мураббий этиб тайинланиши ҳақида тарқалган хабарларга расман изоҳ берди.
«Миш-мишларга асосланган саволларга жавоб беришнинг ҳожати йўқ. Ҳозирги вақтда ҳеч ким биз билан боғланмади. Юрген Клопп ўзининг «Ред Булл»даги ҳозирги лавозимидан жуда мамнун. «Реал» бош мураббийи лавозими бўйича олиб борилаётган музокаралар ҳақидаги барча гап-сўзлар айни дамда шунчаки миш-мишлардан иборат», — дея агентнинг сўзларини келтиради Goal нашри.
Аввалроқ ОАВда «Қироллик клуби» раҳбарияти немис мутахассисига қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Шунингдек, матбуотда Клоппнинг келажаги Мадриднинг бошқа бир клуби — «Атлетико» билан ҳам боғланиб келинмоқда.