Кейн: «Бу мавсумдаги илк мағлубиятимиз, лекин ваҳима қилишга ҳожат йўқ»
«Бавария» ҳужумчиси Харри Кейн Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 5-турида «Арсенал»га қарши кечган ўйинда (1:3) қайд этилган мағлубият ҳақида фикр билдирди.
«Бу оғир ўйин бўлди, аслида шуни кутгандик ҳам. Биринчи бўлимда кураш яхши кечди, ўйин деярли тенг эди. Иккинчи таймда эса аввалги энергия ва босим етишмади, жуда кўп курашларда ютқаздик. Бу мавсумдаги илк мағлубиятимиз. Бунинг учун ваҳимага ҳожат йўқ, аммо хулосалар чиқарамиз.
Улар биринчи тўп учун курашда ҳам, иккинчи тўп учун курашда ҳам устун бўлишди. Стандарт вазиятлар — бу борада уларнинг хавфли эканини билардик. Ишончим комилки, биз яна Чемпионлар лигасининг кейинги босқичларида «Арсенал» билан тўқнаш келамиз. Улар деярли бутун майдон бўйлаб прессинг қўллашди. Айтганимдек, ҳозир ваҳима қилиш вақти эмас. Биз сафарда «Челси», «ПСЖ» ва «Арсенал»га қарши ўйнадик. Шунга қарамай, аксарият ўйинларда ғалаба қозондик», — деди Кейн.
Айни пайтда «Арсенал» 15 очко билан Чемпионлар лигаси турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Жамоа яқин таъқибчилари — «ПСЖ», «Бавария», «Интер» ва «Реал»ни уч очкога ортда қолдирган.