Каземиро АҚШга ташриф буюрди ва «Интер Майами» раҳбарияти билан учрашди
«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Каземиро оиласи билан Майамига сафар қилди ва у ерда MLS вакили «Интер Майами» клуби раҳбарияти билан учрашди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.
Аввалроқ, тажрибали бразилияликка «Интер Майами»дан ташқари, унинг собиқ жамоаси — «Сан-Паулу» ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Бразилия клуби ўз тарбияланувчисига икки йиллик шартнома ҳамда футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг клуб тизимида масъул лавозимни таклиф қилишга тайёр.
Каземиронинг «Манчестер Юнайтед» билан амалдаги келишуви жорий мавсум якунида ўз ниҳоясига етади. Январ ойида «қизил иблислар» раҳбарияти футболчи билан шартномани узайтирмасликларини расман тасдиқлаган эди.
Жорий мавсумда 34 ёшли яримҳимоячи барча мусобақаларда 25 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилди.