Карвахал ‘‘Реал Мадрид’’дан нима сабаб кетганини айтди
‘‘Реал Мадрид’’нинг собиқ сардори Дани Карвахал Мадрид клубини тарк этиш сабаблари ҳақида гапирди. Яқинда ‘‘Хетафе’’ сафига қўшилган 34 ёшли ҳимоячи фаолиятини бошқа мамлакат чемпионатида давом эттиришни режалаштиргани, бироқ якунда оилавий шароитни ҳисобга олиб, Испанияда қолишга қарор қилганини маълум қилди. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Карвахал ‘‘Реал Мадрид’’ билан шартномаси якунлангач, янги муҳитда ўзини синаб кўриш ва бошқа мамлакатда тўп суришни истаган. Футболчига Европанинг бир қатор кучли клубларидан, жумладан, Чемпионлар лигасида иштирок этадиган жамоалардан ҳам таклифлар бўлган. Аммо таклиф этилган шароитлар унинг оилавий талабларига мос келмаган.
Карвахал сўнгги икки йил давомида жароҳатлар сабаб мунтазам ўйин амалиётига эга бўла олмаганини ҳам таъкидлади. Унинг асосий мақсади яна юқори савияда футбол ўйнаш ва жамоасига ёрдам беришдан иборат. Ҳимоячининг айтишича, ‘‘Хетафе’’ лойиҳаси унга маъқул келган ва клубга қўшилиш қарорини қабул қилиш қийин бўлмаган. Шунингдек, футболчи Испания терма жамоасига қайтиш имкониятини ҳам инкор этмади.
Маълумот учун, Карвахал ‘‘Реал Мадрид’’ тизимида 23 мавсум фаолият юритиб, асосий жамоа билан 27 та совринни қўлга киритган. Улар орасида 6 та Чемпионлар лигаси, 4 та Ла Лига ва 2 та Испания кубоги бор. Ҳимоячи 2026 йил ёзида Мадрид клубини эркин агент сифатида тарк этган ва октябр ойида ‘‘Хетафе’’ билан мавсум охиригача шартнома имзолаган.