Каррагер «МЮ»нинг навбатдаги мураббийи ким бўлиши кераклигини айтди
«Ливерпул» клуби ва Англия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жейми Каррагер «Манчестер Юнайтед»нинг келажакдаги бош мураббийи лавозимига «Астон Вилла» устози Унаи Эмерини энг муносиб номзод деб ҳисобламоқда.
The Telegraph нашрига кўра, Каррагер ўз фикрини қуйидагича изоҳлаган:
«Унаи Эмери дам олиш кунлари «Олд Траффорд»га «Манчестер Юнайтед»нинг навбатдаги бош мураббийи бўлиши мумкин бўлган асосий номзод сифатида ташриф буюриши керак. Афсуски, Эмерини кўпинча элит клублар қаторига киришга интилаётган жамоаларда муваффақият қўзонадиган, аммо аллақачон ўзини элита деб ҳисоблайдиган гранд клубларда кутилган натижани бера олмайдиган мутахассис сифатида кўришади».
Унаи Эмери «Астон Вилла» бошқарувини 2022 йил 24 октябрда қабул қилиб олган. Ўша пайтда клуб Премьер-лигада жон сақлаш учун курашаётган эди. Ҳозирги кунда эса Эмери қўли остидаги жамоа АПЛ турнир жадвалида 29 турдан сўнг 51 очко билан 4-ўринда бормоқда ва Европа лигасининг 1/8 финал босқичида иштирок этмоқда.