Карло Анчелотти дунёда энг кўп маош олувчи мураббийга айланиши мумкин
Бразилия футбол конфедерацияси (CBF) терма жамоа бош мураббийи Карло Анчелотти билан янги тўрт йиллик шартнома имзолашни режалаштирмоқда. AS нашри тарқатган маълумотга кўра, ушбу келишув амалга ошса, италиялик мутахассис миллий жамоалар миқёсида дунёда энг юқори маош олувчи мураббийга айланади.
Янги шартномага кўра, Анчелоттининг йиллик маоши қарийб 40 млн еврони ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, амалдаги келишувда Бразилия терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган тақдирда, мураббий учун 5 млн евро миқдорида қўшимча бонус ҳам кўзда тутилган.
Маълумот учун, 66 ёшли мутахассис 2025 йилнинг май ойидан буён «пентакампеонлар»ни бошқариб келмоқда. Ўтган давр мобайнида бразилияликлар унинг қўл остида 8 та ўйин ўтказиб, 4 та ғалаба, 2 та дуранг ва 2 та мағлубият қайд этди.
Карло Анчелотти мураббийлик фаолияти давомида «Милан», «Реал Мадрид», «Ювентус», «ПСЖ», «Бавария», «Эвертон» ва «Наполи» каби Европанинг етакчи клубларида муваффақиятли ишлаган.