Каннаваро: «Жаҳон чемпионатига аста-секин тайёргарлик кўриб борамиз»
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Уругвайга қарши ўртоқлик ўйинидан сўнг матбуот анжуманида ўз фикрларини билдирди.
“Афсуски, бугунги ўйинда 9 нафар футболчимиз жароҳат сабаб майдонга чиқа олмади. Мавжуд таркибдаги футболчиларни кўриб чиқиш ва уларни синовдан ўтказиш мен учун муҳим эди. Нима бўлса ҳам, йигитларнинг ҳаракатидан мамнунман. Улар бугун борини берди.
Бундай ўйинларда гол уриш муҳим. Эҳтимол, ҳисобни олдинроқ очишимиз ҳам мумкин эди. Яхши вазиятларга эга бўлдик. Футболчилар тўпсиз ҳам яхши имкониятлар яратди. Уругвай каби жамоага қарши ўйнаш осон эмас. Сабаби уларнинг кўпчилиги Бразилия чемпионатида ҳаракат қилади. Жамоамиз яхши, уни кучайтириш имкони бор. Бьелса сингари мутахассисдан ижобий фикр эшитганимдан хурсандман. У футбол тарихида ўз ўрнига эга мураббийлардан бири. Ундан ўрганадиган жиҳатларим кўп.
Жисмоний томонлама анча орқадамиз. Аммо буни тузатиш учун 8 ой вақтимиз бор. Бу фақат машғулот эмас, балки овқатланиш, уйқу, тикланиш каби омилларга ҳам боғлиқ. Жаҳон чемпионатига аста-секин тайёргарлик кўрамиз. Мураккаб турнир бўлиши аниқ.
Биринчи гол офсайддан киритилди, иккинчисида эса рақибга кўп ҳудуд бўшатиб бердик. Ҳимояда бир-биримизга яқин ўйнашимиз керак. Юқори даражали жамоаларга қарши ўйинларда хатоларни максимал даражада камайтириб, консентрацияни йўқотмаслик керак. Танаффусда иккинчи бўлимнинг дастлабки 15 дақиқасида эътиборли бўлишни айтгандик. Аммо яхши биринчи бўлимдан сўнг йигитлар бироз бўшашишди. Кейин ўзгаришлар орқали ўйинни кучайтардик ва гол урдик”, — дейди Каннаваро матбуот анжуманида.