Камолиддин Тожиев: «Ҳеч қандай офсайд йўқ эди. Улар чизиқни дарвозани орқасидан чизишяпти»
Суперлигасининг 18-тур якунида «Пахтакор» ўз майдонида «Сурхон»ни қабул қилди. Ғалаба жуда зарур бўлган баҳсда мезбонлар қимматли очколарни бой берди ва баҳсда ҳисоб очилмади. Ўйин охирида мезбонлар гол урди, аммо ҳакамлар офсайд деб топишди ва гол инобатга олинмади. Бу эса баҳсли вазиятга сабаб бўлди.
Ўйиндан кейин «Пахтакор» устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида қатнашди.
- Яхши ўйин бўлди. Охиригача курашдик, гол урдик. Лекин қаердан офсайд топишганини билмайман. Яна уч очкодан маҳрум бўлдик. Офсайд чизиғини дарвозани орқасидан чизишяпти. Умуман ҳеч қандай офсайд йўқ эди. Ҳамма кўргандир. Йигитларга охиригача курашганига раҳмат айтаман.
- Ўйиндан кейин такрорий вазиятни кўрдингизми? Балки учрашув чоғида ҳиссиётларга берилиб кетган бўлишингиз мумкин.
- Кўрдик, ўзимизни камерада кўрдик. У ерда умуман офсайд йўқ. Айтяпман-ку, улар офсайд чизиғини дарвозани орқасидан чизиб беришяпти. Дарвозани ортидан чизишганда ҳам у ерда офсайд йўқ эди.
- Балки голдир, балки гол эмасдир. Лекин «Пахтакор» 90 дақиқа давомида 2-3 та гол уриб қўйганида бу ҳолатга сабаб ҳам қолмасди. Асосий муаммо бошқа жойда эмасми?
- Вазиятлар яратдик, яна голга айлантира олмадик. Ҳамма жамоа бизга келиб 200 фоиз курашади. Шу боис биз ҳам қийналямиз. Имкониятлар бўляпти, яна гол ура олмадик.
- Рақибни ҳурмат қилган ҳолда «Сурхон»дек жамоага қарши иккита марказий ҳужумчи билан ўйнаса бўлмасмиди? Ҳали марказий ҳужумчилар бирга ўйнагани кўрмадик, ўтган йили ҳам кўрмагандик.
- Иккита ҳужумчи туширмасак ҳам ҳужумкор ўйинчимиз бор. У ҳам иккинчи ҳужумчи ҳисобланади.
- 8 кундан кейин «Нефтчи» билан Кубок ўйини бўлади. Ундан аввал «Динамо»га қарши ўйин бор. Бўлажак иккита учрашувда кўпроқ куч талаб қилинади. Ўзбек «Эл-Классико»сига қарши баҳс олдидан «Динамо» билан учрашувда ротация қиласизми?
- Йўқ, биз ҳозир фақат «Динамо»ни ўйлаяпмиз. «Нефтчи» билан учрашувга кейин «настрой» қиламиз. «Динамо» ҳам яхши жамоа. Биз ҳозир фақат шуни ўйлаяпмиз.
- ОЧЛ қуръасида Саудия клубларига қарши тўқнаш келасизлар. Юлдузли жамоаларга қарши тушганинглар сизга кўпроқ хурсанд қилдими ёки ўйлантиришга мажбур қилдими?
- Йўқ, нимага? Юлдузлар келади, биз уларга қарши ўйнаймиз. Аксинча, яхши бўлди. Кучли рақибларга қарши ўйнаганимиз қизиқарлироқ бўлади. Мухлисларимиз ҳам кўп юлдузларни кўради. Қуръадан мамнунмиз.
- Янги футболчилар иштирокини қандай баҳолайсиз? Айман ҳам кутилганидек ўйин намойиш қила олмаяпти.
- Муртазо озгина жароҳат олди. Худо хоҳласа, кейинги учрашувга тайёр бўлади. Айман энди жароҳатидан чиқди. Бугун у тонусда эмасди. Яхши футболчилар ва ўз ўйинлари билан бизга ёрдам беришади», - дея бош мураббийнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.