Камолиддин Мурзоев: «Тўғриси, миллий жамоамизнинг ўйинидан фахрландим»
Бугун Ўзбекистон миллий жамоамиз сафарда Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашуви доирасида майдонга тушди ва 2:0 ҳисобида мағлубиятга учради. Лекин ўйин ташкил этиш борасида вакилларимиз яхшироқ ҳаракат қилганини ҳам таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоев эса бош жамоамизнинг Кореяга қарши ўйини ва умуман FIFA кунларидаги йиғини борасидаги Tribuna.uz мухбири саволларига жавоб қайтарди.
- Камолиддин ака, миллий жамоамизнинг Жанубий Кореяга қарши ўтказган ўртоқлик ўйинидан олган хулосангиз қандай бўлди?
- Очиғини айтсам, тўғриси, бугунги ўйиндан жуда завқландим. Миллий жамоамизнинг бундай ёрқин ўйинини анчадан бери томоша қилмагандим. Тўғри, натижа биз кутгандек бўлмади. Бироқ шахсий фикримни айтадиган бўлсам, бугунги ўтиш даврида олдимизда турган йирик мусобақа олдидан чиройли ўйинлар ўтказиб, майли ютқазиб бўлса ҳам ўз ўйинимизни аста-секин тиклаб ўз йўлимизни танлаб олишимиз ва бу ўйин учун йигитларга миннатдорчилик билдиришимиз керак. Майдонда борини беришди. Кўплаб вазиятлар яратишди. Сафарда ишчи гуруҳимиз, халқаро FIFPRO ташкилотининг бошқа аъзолари, хусусан кореялик вакиллар билан биргаликда томоша қилдик. Тўғриси, миллий жамоамизнинг ўйинидан фахрландим, деб бемалол айта оламан.
- Каннаваро шогирдлари FIFA кунларида учта ўйин ўтказиб, Эрон ва Сурияни енгишди ва корейсларга мағлуб бўлишди. Нима деб ўйлайсиз, бу йиғин биз учун қандай ўтди?
- Ҳар хил даражадаги яхши рақиблар билан ўйналди. Биз ўтолмаётган рақиб деб ҳисоблаётган Эрон жамоасини бемалолликда, қийинчиликларсиз ютганимиз катта кўрсаткич. Сурия жамоаси ҳам қийинчиликларсиз забт этилди. Жанубий Корея билан бўлган учрашув алоҳида қарашга эга эди. Умуман олганда, мусобақа олдидан, FIFA кунларида ўйлайманки, мураббийлар штаби назарда тутган ўйинларни қила олишди. Ўзлари ҳам мамнун бўлишди, деб ўйлайман.
- Сизнингча, Жанубий Корея термаси биз учун чиндан ҳам ноқулай рақибми?
- Ноқулай рақиб демаган бўлардим. Жанубий Корея кучли рақиб, тан олишимиз керак. Кўп йиллар давомида жаҳон чемпионатлари иштирокчиси бўлиб келяпти, буни амалда ҳам исботлай олишган. Боя айтганимиздек, яна бир довон – Эронни босиб ўтдик. Ўйлайманки, аста-секинлик билан Корея билан орадаги тафовут қисқарган. Бугунги учрашувда ҳам кўрдик. Майли, бу ўртоқлик ўйини бўлсин, аммо беллашув давомида корейсларга кўп жиҳатдан ютқазмадик, деб айта оламан.
- Бугунги ўйинда дарвозабон Неъматовнинг ўйинига қандай баҳо берасиз?
- Тўғри, хатолар бўлди. Лекин футболчи бўлиш йўлидаги ягона йўл – меҳнат, қийинчиликлар ва шундай хатоларни енгиб ўтишдан иборат. Футбол хатоларсиз бўлмайди. Бу кучли ўйинчилар учун улар олдидаги тўсиқ бўлади. Буни ҳар доим енгиб ўтиш керак. Ўйлайманки, Неъматовни катта ва ёрқин келажак кутиб турибди.
- Бош мураббий ушбу йиғинда таркибда ротацияларни амалга ошириб, ёшартирмоқда. Шу боис бир қанча етакчи футболчилар жалб қилинмади. Фабио Каннаваронинг ушбу қарорига нима деган бўлардингиз?
- Мураббийга 100 фоиз қўшиламан. Кўп мулоҳазалар бўлгандики, айнан кўп йиллар давомида миллий жамоамиз йиғинига чақириладиган футболчилар асоси бир хил ўйинчилардан иборат бўлаётганди. Бугунги кунда шу нарса маълум бўляптики, ҳар қандай футболчи ўзининг ёрқин формасида бўлса, миллий жамоа мураббийлар штабидан чақирув олади. Бу доим ҳар бир футболчининг ёдида, фикрида бўлади. Бу нарса аста-секинлик билан ўтиб бориши ва умумий миллий жамоага номзодлар сони ошиб бориши – бу бизнинг ютуғимиз бўлади. Ўз ўрнида ёшлар ҳам қийинчиликларга дуч келишди, аммо буни енгиб ўта олишди. Чунки босим катта бўлади. Корея билан бўлган учрашувга эътибор берсангиз ҳам тезлик, шиддат, футболнинг умумий бориши жараёни юқори нуқтада эди. Ёшлар эса ўйин суръатини бузиб қўйишмади. Бу биз учун қувонарли ҳолат. Ушбу ўртоқлик баҳслари олдимизда турган Осиё Кубоги учун яхши машғулот бўлиб ўтди.
- Жаҳон чемпионатидан кейин миллий жамоамизнинг учта ўйинини кўрдик. Мундиалдан сўнг бош жамоамизда айнан қандай ўзгаришларни кутгандингиз ва бу ўйлаганларингиз чиндан ҳам амалда татбиқ этилмоқдами?
- Ўйиндан олдинги мураббийнинг берган мулоҳазаларига ҳам қулоқ тутадиган бўлсак, жаҳон чемпионати пайтида футболчиларнинг жойлашуви, ўйин услубига аралашмасликка ҳаракат қилдим, деди. Чунки мундиалгача бўлган оралиқ кичик бўлмаса-да, катта ҳам эмасди. Бирор нарсани бузишдан олдин бир нарсани қуриб олиш керак. Менимча, мураббийнинг қарашлари шунга қаратилган. Ўзгаришлар сўзсиз бўлди. Ўйинга эътибор берадиган бўлсак, сўнгги даврда мағлубиятга учраб турганимизда ёки ғалаба керак пайтда кўпроқ ўйин услубимизни сақлаб қолардик. Бугун мураббий таваккалчиликка ҳам қўл урди. Керак бўлса, майдонда учта ҳужумкор футболчини ҳам қолдирди. Ёшларга ҳам имконият берди. Ўйин услуби жиҳатидан ҳам кўриниб тургандики, биз мағлубият учун майдонга тушмагандик. Буни кузатишда давом этамиз. Ўзгаришлар, янгиликлар бир зумд