Камолиддин Мурзоев: Шомуродов ва Файзуллаев дуэти ўзбек футболига фойда келтиради
Сўнгги беш йил ичида Элдор Шомуродов нафақат Ўзбекистон терма жамоасининг етакчисига, балки Европада танилган ҳужумчилардан бирига айланди.
Эндиликда у Туркиянинг «Истанбул Башакшехир» клуби сафида тўп суради. Яқин вақт ичида у ерга Аббос Файзуллаев ҳам йўл олиши мумкин. Бу ҳолатга баҳо бериш мақсадида мутахассис ва собиқ тўпурар Камолиддин Мурзоев фикрини ўргандик.
— Элдорнинг Италиядаги фаолияти ҳақида нима дейиш мумкин?
— У ерда ўтказган 4,5 йилни ижобий баҳолайман. Ўша даврда ўзбек футболи эндиликда ривожланаётган эди ва айнан Элдор топ-5 чемпионатлардан бирига йўл олган илк футболчилардан бўлди. Бу осон эмас, лекин у ўзини кўрсата олди ва бир неча мавсум кучли жамоалар сафида ҳаракат қилди. Айтиш мумкинки, у Италияда ўз ўрнини топди.— Унинг Туркияга кўчиши тўғри қарорми? Ёхуд Италияда қолгани маъқул эди?
— Бу трансферга фақат шахсий нуқтаи назардан эмас, балки турнир нуқтаи назаридан ҳам қараш керак. Туркия клублари сўнгги йилларда ҳам ички чемпионатда, ҳам халқаро майдонда муваффақиятларга эришаётир. «Башакшехир» каби мақсадлари йирик бўлган клубга ўтиш — Элдор учун янги имконият. Шахсан мен бу қарорни қўллаб-қувватлайман.— Элдорга 30 ёш. У ҳали ҳам топ чемпионатга қайтиш имкониятига эгами?
— Бугунги футболда ёшдан кўра жисмоний тайёргарлик ва профессионал ёндашув муҳимроқ. Элдорда бунинг барчаси бор. Ҳозир ҳам у топ-5 чемпионатлардан бирида тўп сура олади. Уни олдинда Жаҳон чемпионати кутяпти ва бу унга катта мотивация беради.— Файзуллаевнинг ҳам Туркияга ўтиши кутиляпти. Уларнинг дуэтидан нималарни кутяпсиз?
— Ўзбек футболчилари бир жамоада ўйнаса, бу терма жамоа учун катта плюс. Жамоавий уйғунлик ва ўзаро тушуниш кучаяди. Агар Шомуродов ва Файзуллаев бирга тўп сурса, бу нафақат уларнинг ўзига, балки ўзбек футболи нуфузига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бу эса бошқа футболчиларимиз учун ҳам янги эшикларни очиши мумкин.