“Кальяри” футболчиси бассейндаги ҳодисадан сўнг реанимацияга ётқизилди
Италиянинг “Кальяри” клуби ҳужумчиси Яел Трепи Сардинияда рўй берган бахтсиз ҳодисадан сўнг шифохонанинг интенсив терапия бўлимига ётқизилди. 20 ёшли футболчи ҳозирда Сассари шаҳридаги “Сантиссима Аннунциата” шифохонасида даволанмоқда. Клуб унинг ҳолатини диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди.
ANSA маълумотига кўра, ҳодиса 16-август куни Коста-Смеральда ҳудудидаги виллалардан бирининг бассейнида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, Трепи бассейннинг чуқур қисмига тушиб қолиб, сувда қийнала бошлаган. Футболчи чўкиб кетиш хавфи остида қолган ва воқеа жойида унга шошилинч ёрдам кўрсатилган.
Трепи тиббий ёрдамдан сўнг интубация қилиниб, вертолёт орқали Сассари шаҳридаги шифохонага олиб кетилган. “Кальяри” расмий баёнотида клуб шифохона ва футболчининг оиласи билан доимий алоқада эканини, унинг ҳолатидаги ўзгаришларни кузатиб бораётганини билдирди. Шунингдек, клуб футболчи ва унинг яқинларининг шахсий ҳаётига ҳурмат билан муносабатда бўлишни сўради.
Маълумот учун, 20 ёшли Яел Трепи “Кальяри” сафида 2022-йилда қўшилган. У ўтган мавсумда асосий жамоа сафида Serie A’даги дебютини ўтказиб, саккизта учрашувда битта гол урган. Ҳодисадан бир неча кун аввал эса Трепи Италия Кубогида “Аретсо”га қарши 1:0 ҳисобида якунланган баҳсда 53 дақиқа майдонда ҳаракат қилган эди.