«Кальяри» футболчиси бассейндаги бахтсиз ҳодисадан сўнг сунъий комадан чиқарилди
Италиянинг «Кальяри» клуби ҳужумчиси Яел Трепи чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисадан сўнг сунъий кома ҳолатидан чиқарилди. 20 ёшли франциялик футболчи ҳушига келган ва ҳозирда атрофдагиларга тўлиқ жавоб бермоқда. Шифокорлар унда неврологик шикастланиш белгилари аниқламаган.
Ҳодиса Сардиниянинг Порто-Черво ҳудудидаги бассейнда юз берган. Трепи сувда чўка бошлагандан кейин қутқариб қолинган ва вертолёт орқали Сассари шаҳридаги «Сантиссима Аннунзиата» шифохонасига олиб кетилган. Ҳодиса оқибатида футболчида нафас олиш билан боғлиқ жиддий муаммолар кузатилган.
Дастлаб Трепи реанимацияга жойлаштирилиб, сунъий кома ҳолатига киритилган ва ўпкани сунъий вентиляция қилиш қурилмасига уланган. Сўнгги тиббий маълумотларга кўра, футболчи энди мустақил нафас олмоқда, юрак-қон томир ва нафас олиш кўрсаткичлари барқарор. Шунга қарамай, у шифокорлар назорати остида реанимацияда қолмоқда.
Маълумот учун, Яел Трепи «Кальяри» академиясига 2022-йилда келиб қўшилган. У 2026-йил январь ойида асосий жамоада дебют қилган ва А Сериядаги илк учрашувидаёқ гол уришга муваффақ бўлган.