Италия футболи афсонаси Сандро Маццола 83 ёшида вафот этди
Италия терма жамоаси ва «Интер» клубининг афсонавий футболчиси Сандро Маццола 83 ёшида вафот этди. Собиқ ярим ҳимоячи бутун профессионал фаолиятини «Интер» сафида ўтказган ва клуб тарихидаги энг буюк футболчилардан бири сифатида ном қолдирган. Бу ҳақда «Интер» клуби расмий матбуот хизмати хабар бермоқда.
Манбага кўра, Маццола «Интер» сафида 17 мавсум давомида тўп тепиб, 565 та расмий учрашувда 161 та гол урган. У миланликлар билан тўрт марта Италия чемпиони бўлган, икки марта Европа Чемпионлар кубоги ва икки бор Қитъалараро кубокни қўлга киритган.
Маццола «Интер»нинг 1960-йиллардаги машҳур «Grande Inter» жамоасининг асосий футболчиларидан бири эди. Айниқса, 1964 йилги Европа Чемпионлар кубоги финалида «Реал Мадрид» дарвозасига икки гол уриб, жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабасига катта ҳисса қўшган.
Маълумот учун, Сандро Маццола Италия терма жамоаси билан 1968 йилда Европа чемпиони бўлган, 1970 йилги жаҳон чемпионатида эса финалга қадар етиб борган. У футболчилик фаолияти давомида фақат «Интер» шарафини ҳимоя қилган.