Истеъдодларни излаб: Жиззах — истеъдодлар маскани!
Сўнгги йилларда Жиззах вилояти юртимиз футзалининг етакчи марказларидан бирига айланиб бораётгани сир эмас. Аввалига “Жиззах Кентекс”, кейинги тўрт йил давомида эса “BMB PFC” жамоаларининг Ўзбекистон чемпионати ва мамлакат кубоги мусобақаларида мунтазам равишда етакчилик қилиб келаётгани бунинг яққол исботидир.
Вилоят жамоаларининг муваффақиятлари эса ҳудудда футзалнинг чинакам оммалашуви ва тараққий этишига хизмат қилмоқда. Бугун эрталаб хизмат сафари билан Жиззахга етиб келган Ўзбекистон футзал федерацияси ишчи гуруҳи бунга яна бир бор амин бўлди.
ЎФФ Терма жамоалар департаменти томонидан ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига муносиб номзодларни саралаб олиш мақсадида ташкил этилаётган селекция жараёнининг илк кунида қарийб 70 нафар ёш футзалчининг иштирок этгани ҳам бежиз эмас.
Машғулотлар давомида Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари бош мураббийлари номзод футболчилар билан яқиндан танишиб, уларнинг маҳорати ва салоҳиятини синовдан ўтказишди. Икки томонлама назорат учрашувлари давомида энг иқтидорли ва истиқболли ўйинчилар мураббийлар эътиборига тушиб, қайд этиб борилди.
Эртага ҳам Жиззах шаҳридаги Вилоят футбол академияси спорт залида навбатдаги кўрик-саралаш машғулотлари бўлиб ўтади.
Бошланиш вақти: 10:00
Футзалга қизиқадиган, ўз имкониятларини намойиш этишни истаган барча ёшларни ушбу селекция жараёнида иштирок этишга чорлаймиз.